ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

«ЎЗБЕКИСТОН – 2030» СТРАТЕГИЯСИНИ 2023 ЙИЛДА СИФАТЛИ ВА ЎЗ ВАҚТИДА АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида»ги ПФ-158-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

1. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қуйидаги устувор йўналишлар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;

барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;

сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;

«хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

2. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши доирасида:

а) 2024 йил 1 январдан бошлаб:

давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилсин;

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминлансин, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилсин;

банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилсин;

б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилсин.

Бунда, дастлабки босқичда ушбу тартиб зарур кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган умумий ўрта таълим муассасаларида жорий этилсин;

в) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун «таянч мактаб» этиб белгилансин.

Бунда, умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари «таянч мактаблар» томонидан янги таълим дастурлари, дарс ўтишнинг илғор методикалари ва ўқувчи билимини баҳолашнинг замонавий усулларига ўргатилади.

3. Белгилансинки, 2024 йил 1 январдан бошлаб:

онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Болалар миллий тиббиёт марказида гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилади;

вирусли гепатитнинг «С» тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2023 йил 1 октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида «ижтимоий хизмат иши»ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бунда, ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилади;

б) 2024 йил 1 январдан бошлаб:

Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади;

ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари «ваучер» тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилади. Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилади ва уларнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

5. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилсин.

6. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича:

2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 1а-иловага мувофиқ;

2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати 1б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши доирасида:

а) 2023 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилсин;

б) 2024 йил 1 январдан бошлаб:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш тартиби жорий этилсин;

«Изланиш ва ривожланиш» (R&D) марказлари учун улар ташкил этилган кундан бошлаб 3 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган сумма миқдорининг 1 фоизини тўлаш, уларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида ҳисоблаш тартиби жорий этилсин;

давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан ҳар йили амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари қийматининг камида 5 фоизини облигациялар чиқариш орқали молиялаштириш тартиби жорий этилсин.

8. 2024 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга қўшилган қиймат солиғини тўлиқ қайтариб бериш тизими қуйидагилар ҳисобидан кенгайтирилсин:

хорижий туристларга — Ўзбекистон халқаро аэропортларида Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинган ва «Tax free» тизими бўйича расмийлаштирилган маҳсулотлар учун;

тур-операторларга — хорижий контрагентлар билан шартномалар доирасида кўрсатилган экспорт хизматлари учун.

9. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш жамғармасини ташкил этиш ва унинг асосий вазифалари сифатида энергетика, коммунал хўжалик, транспорт, экология, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа устувор соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқишни белгилаш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан келиб чиқувчи давлатнинг тўғридан-тўғри ва шартли мажбуриятларини мониторинг қилиш, бошқариш ва тартибга солиш тизимини амалиётга татбиқ этиш;

Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш ва ижроси бўйича ҳисоботларда бюджет харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) механизмларини жорий этиш.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ж. Қўчқоров):

а) икки ҳафта муддатда:

халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан юзага келиши мумкин бўлган давлатнинг мажбуриятларини бошқариш ва тартибга солиш механизмларини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳаси;

б) 2024 йил 1 январга қадар Давлат бюджети харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) механизмларини жорий этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси киритилишини таъминласин.

10. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши бўйича:

2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;

2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 2а-иловага мувофиқ;

2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати 2б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида:

а) 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб:

ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилсин;

экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юклансин;

б) сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб:

республиканинг узоқ муддатли сув баланси прогнозини юритиш, шу жумладан уни ҳар йили янгилаш ва сув ресурсларини тежаш дастурларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилсин;

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг, кейинчалик эса, босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун кредитлар 10 фоиз ставкада (фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига) ажратилиши таъминлансин;

в) атмосферага зарарли ташланмалар ҳажмини камайтириш мақсадида халқаро «карбон маркет» тизими доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан барпо этиладиган яшил майдонларни ташкил қилиш харажатларини қисман жалб қилинган грант маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Бунда, барпо этилган яшил майдонлар (яйловларни озуқабоп экинлар билан, қишлоқ хўжалиги ерларини дарахтлар билан қоплаш) бўйича компенсациялар иссиқхона газларини зарарсизлантириш даражасига мутаносиб равишда ажратилади.

12. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши бўйича:

2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ;

2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 3а-иловага мувофиқ;

2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати 3б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

13. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши доирасида:

а) давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига янада қулайликлар яратиш ва ортиқча сансалорликларга барҳам бериш мақсадида:

2024 йил 1 январдан бошлаб аҳолига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилсин ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқлансин;

2024 йил 1 мартдан бошлаб нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилсин;

б) 2024 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич барча шаҳар ва туманларда «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилсин.

Бунда, туман ва шаҳар бюджетларига тушадиган солиқ тушумларининг бир қисми маҳаллаларнинг ижтимоий-иктисодий муаммоларини ҳал қилиш жамғармаларига йўналтирилиши белгилансин;

в) ташаббусли бюджет амалиётини ва маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2024 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 10 триллион сўм, шундан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун камида 4 триллион сўм йўналтирилсин;

г) 2024 йил якунига қадар қонунда белгиланган асосларда тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилсин;

д) тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни янада либераллаштириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб:

биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслаҳатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиш;

тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиши (хабар қилиш) тартиби жорий этилсин;

е) 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий этиб белгилансин.

14. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши бўйича:

2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ;

2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 4а-иловага мувофиқ;

2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати 4б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

15. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатини изчил давом эттириш йўналиши доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг учрашуви юқори савияда ўтказилишини таъминласин.

16. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналиши бўйича:

2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси 5-иловага мувофиқ;

2023-2024 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 5а-иловага мувофиқ;

2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати 5б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

17. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А. Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кўчимов) оммавий ахборот воситалари билан биргаликда мунтазам равишда:

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш натижаларининг оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳлаб борилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини;

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган барча тадбирларнинг ижроси ва натижалари тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумот аҳолига тезлик билан етказилишини таъминласин.

18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2023 йил 11 сентябрь,

ПҚ-300-сон